Бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар бир соҳада кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар, тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида бир мақсад мужассам – инсон манфаатларини таъминлаш, халқ турмуши фаровонлигини ошириш.
Мазкур жараёнларда республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилоти – касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгаши тармоқ тизимида фаолият кўрсатаётган ходимлар меҳнатини қадрлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, саломатликларини мустаҳкамлаш, меҳнатларини муҳофаза қилиш каби йўналишларда тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Бугунги кунда Соғлини сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгаши тармоқ тизимидаги 212 та ташкилотни касаба уюшма хизматига олган бўлиб, ушбу ташкилотларда меҳнат қилаётган 116 минг 524 нафар ходимни ўз атрофида бирлаштирган. Шу билан бирга соҳага оид янги ташкил этилаётган муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот ва музокаралар олиб бориш орқали уларни ҳам тармоқ касаба уюшмасига жалб этиш, жамоа шартномаларини имзолаш ва аъзоликка олинган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жамоа шартномаларида белгиланган меъёрлар, ходимлар учун кўзда туилган имтиёз ва кафолотлар ижросини таъминлаш масаласи тармоқ касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгашининг доимий диққат марказидадир. Чунки, мазкур локал ҳужжат тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг асосида бугунги кунда ходимларнинг ижтимоий ҳимояси билан бирга уларнинг маданий-оммавий ҳордиқ олишларини таъминлаш, пенсия ёшидаги ходимларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам кўрсатиш ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, кам таъминланган ёш оилалар вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимлари ўртасида туризмни ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида тарихий масканлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштириш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан ўз бурчи ва қасамига содиқ қолиб, коранавирус пандимиясига қарши курашиб фидойилик кўрсатиб келаётган тиббиёт ходимлари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан бўлган ва ёлғиз ўзи фарзанд тарбиялаётган соҳа ходимларига амалий ёрдамлар кўрсатилиб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, ушбу тоифадаги ходимларнинг 1400 нафар фарзандлари учун янги ўқув йили арафасида “Касаба уюшмалари – болаларга” ижтимоий акцияси ташкил этилиб, уларга турли ўқув қуроллари ва дарсликлар ҳадя этилди.
– Тармоқ касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгаши доимий равишда ҳолимиздан хабар олиб, зарурий ёрдамларни кўрсатиб келмоқда, – деди академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказининг эндоваскуляр хирургия фарроши Анна Николаенко. – Бу сафар ҳам айни вақтида кўмак кўрсатилди, фарзандларимиз учун янги ўқув йили арафасида энг зарурий ўқув анжомлари, дарсликлар ва адабиётлар ҳадя этилди. Ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам жуда ҳурсанд бўлдик. Бундай рағбатдан кўнгилларимиз кўтарилди.
– Касаба уюшмамиз бизнинг ҳақиқий суянчимизга айланган, – деди жарроҳлик бўлими ҳамшираси Саида Аҳмедова. – Қачон бирор ёрдамга муҳтож бўлиб қолсак, ёки соғломлаштириш борасида зарурат туғилса дарров кўмакка келади. Биз билан очиқ мулоқот қилиб, ижтимоий аҳволимизни ўрганади, нафақат ўзимиз, балки оила аъзоларимиз, фарзандларимиз холидан ҳам хабар олиб туради. Албатта, бундан бошимиз осмонга етади. Чунки қачон мурожаат қилсак, зарур ёрдамни кўрсатишади.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан янги ўқув йили арафасида ташкил этилган “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари, сиҳатгоҳлар ходимларининг фарзандлари ҳам қамраб олинди.
– Олдимизда турган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг, – деди биз билан суҳбатда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Тошпўлатова. – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII – Қурултойида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кенгашимиз фаолиятида ҳам тубдан такомиллаштириш ишларини амалга оширдик. Айниқса, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, уларни меҳнат аҳлининг ҳақиқий суянчи бўлишлари йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Пандемия шароитида соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси доимий диққат марказимиздадир. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида меҳнат жамоаларида “Уч авлод учрашуви”, маданий-маърифий суҳбатлар ташкил этилиб, соҳа ходимлари, айниқса ёшларга бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда баб-баробар инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижалари етказилди. Давра суҳбатларида фахрийларнинг ҳам иштироки таъминланиб, бой ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар, бугунги доруломон кунларимизга шукроналар айтилди. Шунингдек, соҳа ходимларининг тарихий шаҳарларга саёҳатларини ташкил этиш, ходимлар ва улар оила аъзоларининг мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, турли спорт тадбирлари ташкил этиб, соғлом турмуш тарзи барқарорлигига эришиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши кўплаб янги ижтимоий лойиҳалар устида иш олиб бомоқда. Айниқса, нодавлат тиббиёт муассасаларини тўлиқ касаба уюшма хизмати билан қамраб олиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласи кенгашнинг доимий диққат марказидадир.