Наманган вилояти Чуст туман тиббиёт бирлашмаси тизимида меҳнат қилаётган беш нафар тиббиёт ходимлари иш берувчи томонидан нохақ ишдан бўшатилганликларидан норози бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига мурожаат қилган. Ушбу мурожаат Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг меҳнат хуқуқ инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, ҳодимлар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган. Бу жараён амалдаги меҳнат тўғрисидаги қонун хужжатлари талабининг бузилиши “эвазига” расмийлаштирилган. Жумладан,
— Ҳодимларга огоҳлантириш хати ва меҳнат шартномасини бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхасини беришда қонунда белгиланган тартиб ва муддатларга амал қилинмаган. Ҳодимнинг яшаш манзилига юборилган хатнинг санасини тасдиқловчи асос мавжуд эмас (ЎзР Меҳнат кодексининг 102-моддаси1-қисми 1-банди, 108-моддаси талаби бузилган).
— Ҳодимларга меҳнат дафтарчасини беришда қонун хужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларга амал қилинмаган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида” Йўриқнома талаблари бузилган).
— Ҳодимни Чуст ТТБ Касаба уюшмаси муҳокама йиғилиши тўғрисида хабардор қилинмаган, шахсан иштирок этмаган (Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитанинг 19.03.2021 йилдаги №2-37”с”-сонли Қарори3-иловаси “Касаба уюшмалари органларида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиш Тартиби”нинг 10, 11, 16, 19-бандлари талаблари бузилган).
— Ҳодимларга ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаган (ЎзР Меҳнат кодексининг 109-моддаси 1-қисми талаби бузилган).
— Ҳодимларга фойдаланмаган таътиллар учун пуллик копменсация тўлаб берилмаган (ЎзР Меҳнат кодексининг 151-моддаси 1-қисми талаби бузилган).
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва ҳодимларни аввалги ишларига тиклаш тўғрисида инспектор томонидан иш берувчига ёзма кўрсатма киритилган.
Иш берувчи, яъни, Чуст туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи С.Каримова инспекторнинг қонуний талабини бажармади: на ёзма кўрсатмага жавоб хати бермади ва на ҳодимлар ишга тикланмади.
Келгусида инспекция томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига ҳодимлар манфаатида даъво аризаси киритилди.
Киритилган даъво ариза 2021 йил 21 сентябр куни суд биносида, очиқ суд мажлисида, судья И.Кўчкинова раислигида кўриб чиқилди.
Суд томонидан иш берувчининг тиббиёт ҳодимлари Н.Отаханова, О.Хусанова, Р.Хакимова, З.Норқўзиева, Э.Тошпўлатовалар билан меҳнат шартномасини бир тарафлама бекор қилиш тўғрисидаги буйруқлар ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинди, ҳодимларнинг мажбурий прогул вақтлари учун хақ ундириш бўйича иш берувчига мажбурият юклатиш тўғрисида қарор чиқарилди.
Айни пайтда ҳодимлар ўз ўринларида меҳнат қилмоқдалар.
Қонунларни хурмат қилиш зарур!
Шу ўринда бир гап: Судларга мурожаатларни электрон тизимини жорий қилиниши жуда яхши иш бўлди. Эндиликда юридик шахслар идораларида, фуқаролар уйларида туриб судга мурожаат қилишлари ва жараённи электрон кузатиб туришлари мумкин. Кўплаб оворагарчилик ва коррупциянинг олди олинди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ҳодимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг меҳнат ҳуқуқ инспектори А.Н.Реджапов