Россияда футбол бўйича жаҳон чемпионати қизғин паллага кирган бир пайтда дунё шифокорлари ўртасидаги жаҳон биринчилиги мусобақалари ҳам бошланмоқда. 30 июндан 8 июлга қадар Чехия пойтахти Прага шаҳрида бўлиб ўтадиган ушбу нуфузли беллашувда футболи тараққий этган Бразилия, Аргентина, Германия, Англия, Мексика каби 22 мамлакатнинг шифокорларидан иборат терма жамоалар иштирок этади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон шифохоналарида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларидан таркиб топган терма жамоамиз ҳам ўз тарихида тўртинчи бор мазкур мусобақада қатнашмоқда. Маълумот учун, ўтган йили Австрияда ўтказилган жаҳон чемпионатида футболчи-шифокорларимиз ўзларининг муносиб иштироклари билан ярим финалгача етиб бориб, кучли тўртликдан жой олгани катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
Шифокор футболчиларимиз бу йилги чемпионатда ҳам юқори поғоналарни эгаллашлари, турнирда муносиб иштирок этишлари учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар томонлама ёрдам берилди. Дастлаб, йил бошида мамлакатимизнинг барча вилоятларидан шифокор футбол жамоалари иштирокида саралаш турнири ўтказилди. Бу турнирда жами 180 нафардан ортиқ шифокор футболчилар иштирок этган бўлса, турнир якунига кўра, энг кучли 26 нафар маҳоратли ўйинчи терма жамоа учун танлаб олинди.
Жамоани мусобақаларга тайёрлаш мақсадида “Бунёдкор” профессионал футбол клуби мураббийи Сергей Чагудаев ва Денис Карсниченьколар билан шартнома ҳам имзоланди. Мураббийлар томонидан март ойидан бошлаб, ҳафтада 4 кун давомида машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, 3 маротаба ташкил этилган ўқув йиғинида ўйинчилар жисмоний ва техник жиҳатдан пухта тайёргарликдан ўтишди.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев иштирокида футболчиларни кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳаваскор тиббиёт ходимларидан иборат терма жамоа ўйинчилари ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур чемпионатга тайёргарлик кўриш учун юксак даражада шароит яратиб берилганлиги учун мутасадди ташкилотчиларга миннатдорчилик изҳор этиб, билдирилган ишончни оқлаш учун бор имкониятларини ишга солишларига ваъда беришди.