2019 йил 9 сентябрда “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5814-сонли Фармони чиққан. Ушбу Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг худудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси (Инспекция) ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигини (Агентлик) ташкил этиш белгилаб қўйилган. Шунинг билан биргаликда Фармонда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология бош бошқармасини тугати ва унинг штат бирликларини Агентликка ўтказиш, қайта ташкил этилаётган Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг лаборатория хизмати негизида, молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақланган ҳолда, Агентлик ҳузуридаги Лаборатория комплексини ташкил этиш назарда тутилган.
Фармонда Инспекция штат бирлиги 4207 та ва Агентлик 7000 та қилиб белгиланган. 2020 йил 1 апрелига қадар ДСЭНМ ходимларини ушбу 7000 та штат бирлигига босқичма-босқич мақбуллаштириш ва штат бирликларининг бир қисмини Инспекцияга бериш белгилаб қўйилган.
Республика Кенгаши томонидан олиб борилган ўзгаришлар натижасида ҳозирги пайтда тизимда 22,5 минг ходим ишлаётганлиги, қайта ташкил қилиш натижасида 11 мингдан ортиқ ходим ишдан бўшатилиши кутилаётганлиги маълум бўлди.
Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг №233-сонли ва Агентликнинг 2019 йил 24 декабрида №48-сонли буйруқлари чиққан.
Асосий масала бўлиб келган Агентлик штат нормативлари номаълум сабабларга кўра, муддатидан кеч ишлаб чиқилган ва у фақатгина 2019 йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланган.
Дастлаб, Агентлик рахбари томонидан тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар корхонанинг тугатилиши деб нотўғри талқин қилинган, ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш ва янги тузилган корхонага ходимларни расмийлаштириш шунга асосан амалга ошириш бошланган. Сентябрь ойининг ўзидаёқ тизимдаги барча ходимларга корхонанинг тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш режалаштирилаётганлиги юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган, худудий ташкилотлар рахбарлари томонидан барчани ёппасига ишдан бўшатган ва янгидан ишга қабул қилиш ишларини бошлаб юборилган. Ишга олиш жараёнида қатъий равишда Классификатор талабларига риоя қилинишга эътибор берилган. Фармон юзасидан тизимда амалга оширилаётган ишлар ходимлар орасида кўплаб норозичиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган ва улар фармон ижроси Агентлик томонидан нотўғри талқин қилинаётганлиги ва ноқонуний равишда ишдан бўшатилаётганликлари юзасидан юқори турувчи давлат идораларига, касаба уюшмаларига ва оммавий ахборот воситаларига кўплаб мурожжатлар қилинди. Ҳаттоки ҳозирги пайтга қадар ижтимоий тармоқларда кенг доирада муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, 2019 йилнинг декабрида Республик Кенгашига ноқонуний равишда ишдан бўшатилганлиги тўғрисида 2 та ёзма мурожаат, бир неча бор жамоавий тарзда мурожжатлар (Тошкент шахар, Учтепа, Олмазор, Пскент, Янгийўл, Паркент ва Ангрен туманлари ДСЭНМлари) оғзаки, Ишонч телефонига ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатлар бўлди.
Айрим мурожаатлар бўйича Республика Кенгаши ва Агентлик рахбарияти ва масъул ходимлари томонидан Наманган вилояти ДСЭНМ жамоси, Тошкент вилояти Янгийўл тумани, Паркент ва Ангрет тумани ДСЭНМ жамоалари билан жойларда учрашувлар бўлиб ўтди.
Ундан ташқари, ДСЭНМ тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари қўмиталари раисларидан Республика Кенгашига тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида ходимлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш (меҳнат шартномаларини бекор қилиш, қайта ишга расмийлаштириш, ишдан бўшаш компенсациси ва нафақаларини тўлаш ва б.қ.) тартиби тўғрисида хуқуқий ёрдам бериш бўйича мурожаатлар бўлди ва уларга тегишли тартибда жавоб берилди.
Тизимда амалга оширилаётган ишларни қонуний жиҳатдан тўғри талқин қилиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ушбу Фармонни ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этган ва унинг ижроси учун масъул бўлган шахслари билан маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Учрашувлар якунида тизимда амалга ошириладиган ишлар “меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар“ эканлиги маълум бўлди ва қайта ташкил этиш деб талқин этиш лозимлиги аниқланди.
Шу йилнинг 4 январь куни Республика Кенгаши рахбарияти ва мутахассислари ҳамда ва Агентлик рахбарияти ва масъул ходимлари иштирокида ишчи йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Агентлик ходимларига Фармон ижроси бўйича тизимда амалга оширилаётган ишларни “корхонанинг тугатилиши” эмас, “қайта ташкил этилиши” деб талқин қилиш лозимлиги ва ходимлар билан меҳнат муносабатларини Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига амалга ошириш зарурлиги, тизимда фаолият олиб бораётган барча ходимларга ДСЭНМ томонидан муассаса тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги берилган огоҳлантириш хатларини ва ноқонуний ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқларини бекор қилиш, ходимларни ишга олишда холисликни таъминлаш мақсадида иш унумдорлигини аниқлаш комиссияси тузиш бўйича қуйидаги тавсиялар берилди:
— Агентликнинг 2019 йил 24 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари тиббиёт ва бошқа ходимларнинг штат нормативларини амалиётга жорий қилиш ва ДСЭНМлар фаолиятини тугатиш ҳақида”ги 48-сон буйруғининг 3,4-бандлари, 5-бандининг 2-хат бошини бекор қилиш;
— тизимда фаолият олиб бораётган барча ходимларга муассаса тугатилаётганлиги муносабати билан ишдан бўшатилиши тўғрисидаги берилган огоҳлантириш хатларини ҳамда ишдан бўшатиш ва танлов асосида ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқларини бекор қилиш бўйича барча ташкилотларга кўрсатма бериш;
— янги тасдиқланган штат асосида амалдаги штатларда ишлаётган ходимларни ишга жойлаштириш ва қисқартирилаётган ёки янги лавозимларга тавсия этилаётган ходимлар сонини аниқлаб олиш;
— тизимда амалга оширилаётган ўзгаришларни муассасанинг қайта ташкил этилиши деб талқин қилиб, ходимлар билан меҳнат муносабатларини Меҳнат Кодексининг 98,100,101,102 ва 103-моддалари талаблари асосида амалга ошириш;
— штат нормативлари асосида санитария –эпидемиологик осойишталик марказларини ходимлар билан таъминлаш учун ишга олишда иш унумдорлигини аниқлаш комиссиясини тузиш, комиссия таркибига соҳа мутахассислари билан биргаликда муассаса касаба уюшмаси қўмитаси раиси киритилишини таъминлаш;
-лавозими қисқаришга тушган ходимларга ходим ва иш берувчи ўртасида келишувга биноан огоҳлантириш муддатига мувофиқ келадиган пуллки компенсация билан алмаштирилиши мумкинлиги ва уларга ишдан бўшатиш нафақасини белгиланган тартибда тўлашни амалга ошириш.
Ушбу йиғилишда қабул қилинган қарорларни моҳиятини етказиш, тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар чоғида меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда қонунийликни таъминлаш ва ушбу тадбирларни ўз вақтида самарали якунлаш мақсадида Агентлик масъул ходимлари, худудий бошқармалари рахбарлари ва бошқармалар кадрлар бўлимлари маъсуллари билан йиғилиш ўтказилди.
Республика Кенгашининг вилоятлардаги масъул ташкилотчиларига тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида ходимлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда қонунийликни таъминлаш юзасидан жамоат назоратини ўрнатиш бўйича кўрсатма хатлари тарқатилди.
Тизимда олиб борилаётган ишлар жамоат назорати доирасида кузатиб борилмоқда.