Мурожаатлар қаноатлантирилмоқда

Касаба уюшмалари фаолиятида мурожаатлар билан ишлаш, аъзоларга ҳуқуқий маслаҳат бериш ва уларнинг хуқуқларини муҳофаза қилиш хар доим хам фаолиятимизнинг энг устувор йўналиши бўлиб келган. Ҳар қандай касаба уюшма аъзосининг мурожаати учун очиқлигимизни таъминлаш мақсадида  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1092 қисқа рақамли хамда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг 71-256-43-58 рақамли “Ишонч телефони” хақидаги плакатлар тайёрлаб, тармоқдаги 7576 та ташкилотга, барчага кўринарли жойига жойлаштирилди.

Натижада, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Республика Кенгашига тармоқ ходимларидан 2016 йилда — 223 та, 2017 йилда — 256 та, 2018 йилда — 201 та, 2019 йилда — 197 та, 2020 йилнинг 1 ноябрига қадар — 402 та – жами ҳисобот даврида 1279 та жисмоний ва юридик шахслардан оғзаки ва ёзма мурожаатлар келиб тушди. Бундан ташқари, тармоқ касаба уюшмаси аъзоларидан бошланғич ташкилотларга, худуддаги масъул ташкилотчилар, ҳудудий бирлашмаларига хам жуда кўплаб мурожаатлар бўлди. 2018 йилда сони – 22.482 тани, 2019 йил давомида эса 37.736 тани ташкил қилди ва уларнинг аксарият қисми қаноатлантирилди.

Республика Кенгашига 2020 йилда ходимлардан келиб тушган оғзаки ва ёзма мурожаатлар ҳуқуқий ҳимоя йўналишида 187 та, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида 183 та, меҳнат муҳофазаси йўналишида 15 та, касаба уюшмаси ташкилий-ҳуқуқий фаолиятига доир масалалар 8 та, соғломлаштириш йўналишида 1 та, моддий ёрдам ажратиш тўғрисида 2 та, касаба уюшмалари фаолиятига боғлиқ бўлмаган масалалар бўйича 6 та мурожаатлар келиб тушган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашига касаба уюшма аъзоларидан келиб тушаётган ариза ва мурожаатлар сони ортиб бораётганлиги натижасида Республика Кенгашида “Меҳнат ҳуқуқ инспектори” ҳамда “Меҳнат техник инспектори” лавозимлари жорий этилиб, тармоқ муассасаларида касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясида янада таъсирчан чораларни кўришга эришилмоқда.

Бунинг натижасида, ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Республика Кенгаши томонидан 2020 йилда иш берувчиларга 171 та тақдимнома киритилиб, натижада 755 нафар ходимларга, жумладан, 213 нафар ходимларга 497 679 948 сўм миқдорида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган маблағлар ундириб берилган, шунингдек, 542 нафар ходимларнинг ҳуқуқий манфаатлари тикланди. Бу йўналишдаги ишлар хали давом этмоқда, яъни ижроси назоратда турган тақдимномаларимиз мавжуд.

2019 йил 9 сентябрда “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”  Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5814-сонли Фармони имзоланган. Ушбу Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг худудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси (Инспекция) ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигини (Агентлик) ташкил этиш белгилаб қўйилган. Шунинг билан биргаликда Фармонда  Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология бош бошқармасини тугатиш ва унинг штат бирликларини Агентликка ўтказиш, қайта ташкил этилаётган Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг лаборатория хизмати негизида, молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақланган ҳолда, Агентлик ҳузуридаги Лаборатория  комплексини ташкил этиш назарда тутилган.

Республика Кенгаши томонидан олиб борилган ўзгаришлар натижасида ҳозирги пайтда тизимда 22,5 минг ходим ишлаётганлиги, қайта ташкил қилиш натижасида 11 мингдан ортиқ ходим ишдан бўшатилиши кутилаётганлиги маълум бўлди.

Агентлик томонидан Фармонда белгиланган вазифалар, тизимда амалга оширилиши лозим бўлган ўзгаришлар “муассасани қайта ташкил этиш” эмас, балки “амалдаги муассаса (ДСЭНМ)нинг тугатилиши” сифатида нотўғри талқин қилинган ва ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш ва янги тузилган корхонага ходимларни расмийлаштириш шунга асосан амалга ошириш бошланган. Яъни, сентябрь ойининг ўзидаёқ тизимда ишлаётган 22 мингдан зиёд ходимларнинг барчасига “корхонанинг тугатилиши” муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш режалаштирилаётганлиги юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган, 2019 йилнинг 31 декабрдан Агентликнинг худудий  ташкилотлари рахбарлари томонидан ёппасига меҳнат шартномасини бекор қилиш ва янгидан ишга қабул қилиш ишларини бошлаб юборилган.

Касаба уюшмасининг аралашуви билан 2020 йилнинг январ ойи бошидан юқоридаги барча камчиликлар бартараф этилди. Меҳнат муносабатларини тартибга солинди.

Жумладан, 4 январь куни Республика Кенгаши аппарати ҳамда ва Агентлик рахбарияти ва масъул ходимлари иштирокида ишчи йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Агентлик ходимларига Фармон ижроси бўйича тизимда амалга оширилаётган ишларни “корхонанинг тугатилиши” эмас, “қайта ташкил этилиши” деб талқин қилиш лозимлиги ва ходимлар билан меҳнат муносабатларини Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига амалга ошириш зарурлиги, тизимда фаолият олиб бораётган барча ходимларга ДСЭНМ томонидан муассаса тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги берилган огоҳлантириш хатларини ва ноқонуний ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқларини бекор қилиш, ходимларни ишга олишда ҳолисликни таъминлаш мақсадида иш унумдорлигини аниқлаш комиссияси тузиш бўйича қуйидаги тавсиялар берилди:

— Агентликнинг 2019 йил 24 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари тиббиёт ва бошқа ходимларнинг штат нормативларини амалиётга жорий қилиш ва ДСЭНМлар фаолиятини тугатиш ҳақида”ги 48-сонли буйруғининг 3,4-бандлари, 5-бандининг 2-хат боши бекор қилиш;

— тизимда фаолият олиб бораётган барча ходимларга муассаса тугатилаётганлиги муносабати билан ишдан бўшатилиши тўғрисидаги берилган 22 мингдан зиёд огоҳлантириш хатларини бекор қилиш;

— ишдан бўшатиш ва танлов асосида ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқларини бекор қилиш, меҳнат дафтарчаларига бу хақда киритилган ёзувларга тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича барча ташкилотларга кўрсатма бериш;

— янги тасдиқланган штат жадваллари асосида амалдаги штатларда ишлаётган ходимларни қисқартирилаётган ёки янги лавозимларга тавсия этилаётган ходимлар сонини аниқлаб олиш;

— иш ўринлари қисқараётган ходимларга январ ойида қайтадан огоҳлантириш хатларини бериш, қонунда белгиланган тартибда 2 ойлик компенсация пулларини дарҳол тўлаб бериш, мақбуллаштириш жараёнларини апрел ойининг 1- санасига қадар давом эттириш;

— тизимда амалга оширилаётган ўзгаришларни муассасанинг қайта ташкил этилиши деб талқин қилиб, ходимлар билан меҳнат муносабатларини Меҳнат Кодексининг 98,100,101,102 ва 103, 237-моддалари талаблари асосида амалга ошириш;

— штат нормативлари асосида санитария-эпидемиологик осойишталик марказларини ходимлар билан таъминлаш учун ишга олишда иш унумдорлигини аниқлаш комиссиясини тузиш, комиссия таркибига соҳа мутахассислари билан биргаликда муассаса касаба уюшмаси қўмитаси раиси киритилишини таъминлаш;

— лавозими қисқаришга тушган ходимларга ходим ва иш берувчи ўртасида келишувга биноан огоҳлантириш муддатига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкинлиги ва уларга ишдан бўшатиш нафақасини белгиланган тартибда тўлашни амалга ошириш.

Ушбу йиғилишда қабул қилинган қарорларни моҳиятини етказиш, тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар чоғида меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда қонунийликни таъминлаш ва ушбу тадбирларни ўз вақтида самарали якунлаш мақсадида 2020 йилнинг 7 январ куни Республика Кенгаши раиси ва мутахассислари, Агентлик раҳбарияти билан биргаликда Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги раҳбарлари, хуқуқшунослари, кадрлар бўлими бошлиқлари билан давра суҳбати ўтказилиб, меҳнат муносабатларини тартибга солиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Бу жараёнда қонун талабларига тўлиқ амал қилиш, адолат юзасидан иш тутиш ва коррупцияга йўл қўймаслик шартлари тушунтирилди.

Бир сўз билан айтганда, Республика бўйича вужудга келган ходимлар иш ўринлари қисқариши бўйича холатлар барчаси тармоқ касаба уюшмаси томонидан тўлиқ назоратга олинди.

Шунингдек,Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сонли Фармонига асосан Санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилаётганлиги муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиши ҳолати ҳамда бу тизимлардаги ходимларнинг меҳнат муносабатлари ўрганиб чиқилган.

Ўрганиш жараёнида юқорида қайд этилган Фармоннинг 14-бандида Санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилаётганлиги муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилсин дейилган. Ва айни вақтда ушбу банднинг 2-қисмида “Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари тегишинча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмаларинингҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади” деб белгилаб қўйилган.

Бу холатда, Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмаларитегишинча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланишини инобатга олиб, ушбу мажбурият ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларигаҳам тегишли эканлигини, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида меҳнат муносабатларида бўлган ходимлар билан амалда бўлган меҳнат шартномалари Меҳнат кодексининг 98-моддаси 1-қисмига асосан корхона қайта ташкил этилганда меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этиши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 июлдаги ПҚ-4790-сонли қарорининг 9-бандида “Вазирлар Маҳкамаси Санитария-эпидемиология хизмати тузилиши муносабати билан барча зарур ташкилий масалаларни (қайта ташкил этиш, жойлаштириш, таъминот, молий-иқтисодий масалалар ва бошқалар) тезкорлик билан хал этилишини таъминласин.” деб белгилаб қўйилган.

Ўрганиш жараёнида юқорида буйруқларга асосан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамдабарчатуман (шаҳар) Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясинингмарказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ходимларга муассасанинг тугатилаётганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши мумкинлиги мазмунидаги огоҳлантириш хатларини муассасада меҳнат муносабатларида бўлган барча ходимларга берилганлиги аниқланди.

Натижада, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси тизимидаги минглаб ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлги ҳамда тизимдаги меҳнат ва ишчанлик муҳитига жиддий зарар етаётганлиги аниқланди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 9-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг“Касаба уюшмалари тўғрисидаги Қонуни”нинг 34-моддаси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Устави асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияларига Меҳнат қонунчилигида йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш тўғрисида жорий йилнинг 3 сентябрида тегишли Кўрсатма хатлар киритилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5812-сонли фармони ижроси доирасида Тошкент шаҳардаги тиббиёт коллежларида амалга оширилган ишларни ўрганиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари томонидан Республика миқиёсида 77 та тиббиёт колежларида ўрганишлар олиб борилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
6 сентябрдаги ПФ-5812 сонли Фармони 3-бандида тизимда мос равишда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилиши қайд этиб ўтилган.

Шунга кўра, республикамиздаги барча коллежларда ислохотлар давом этмоқда,2019-2020 ўқув йили якунида барча тиббиёт коллежлари мақомида ўзгаришлар кузатилганлиги, эътиборли жиҳати тиббиёт коллежлари фаолиятида тугатиш бўлмаганлиги, аксинча “Абу Али ибн Сино” номидаги жамоат саломатлиги техникуми мақоми берилаётганлиги, баъзиларида эса  яна коллеж мақоми қолдирилаётганлиги барчага маълум.

Ўрганиш давомида, Тиббиёт коллежи раҳбарияти томонидан 19 та Тиббиёт техникумлари ва коллежларида 1040 нафар ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси коллеж фаолияти тугатилди деган важ билан иш берувчининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилиб юборилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ходимлар билан меҳнат шартномаларини тугатишга оид ҳужжатлар таҳлил қилинганида, иш берувчи томонидан меҳнатга доир бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланиб, Республика Кенгаши ходимлари томонидан Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятларида 11 та Тиббиёт техникумлари ва коллежларига жойига борган ҳолда, ўрганишлар олиб борилиб, аниқланган камчилиларни бартараф этиш мақсадида коллеж директорлари билан ишга тиклаш борасида музокаралар ўтказилиб, Меҳнат қонунчилигида йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш тўғрисида Тақдимномалар киритилди. Республикамизнинг бошқа вилоятларида ўрганилган натижаларга кўра 7 та Тиббиёт техникум ва коллеж директорлари номига Меҳнат қонунчилигида йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш тўғрисида Тақдимномалар юборилди.

Бундан ташқари, 2 та Тиббиёт техникум ва коллеж директорлари билан телефон орқали ўтказилган суҳбат жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди натижада иш берувчи томонидан ходимларни ишга тиклаш ишлари амалга оширилди.

Киритилган тақдимнома натижаларига кўра 542 та ходимларнинг ҳуқуқий манфаатлари тикланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Солиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида тузилган Тармоқ Келишувининг 1.9, 1.10, 1.11 бандлари ижроси юзасидан ўқув-услубий, ахборот, маслаҳат ва ташкилий жихатдан ўзаро қўллаб-қувватлаш, ижтимоий шериклик масалалари ҳақида иш берувчилар ва уларнинг вакилларини хабардор қилиш, шунингдек иш берувчилар томонидан иш фаолиятида меҳнат соҳасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг “Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш” кафедрасида малака ошираётган тиббиёт муассасалари раҳбарлари, заҳира кадрлар ва бош ҳамширалар учун ҳар ойда бир маротаба “Соғлиқни сақлаш тизимида ходимларни ижтимоий-иқтисодий, меҳнатга оид ҳақ-ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси ишларини ташкил этишда ижтимоий шерикчилик масалалари” мавзусидаги 1 кунлик 8 соатлик ўқув-семинар тизимли давом эттириб келинмоқда.

Кейинчалик ушбу семинарларга нафақат соғлиқни сақлаш муассасалари иш берувчилари, балки Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарлари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, олий маълумотли ва бош ҳамширалар ҳам жалб этилган бўлса, раҳбарликка заҳирага олинган кадрларни ҳам меҳнат муносабатлари соҳасидаги билим ва малакаларини ошириш йўлга қўйилди.

Келажакда бу борадаги ишларни жадал давом эттириб иш берувчилар ва касаба уюшма фаоллари электрон манзилларига меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий шериклик масалалари ва Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига оид қисқача маълумотлар юборилиб “узлуксиз, масофавий, электрон малака ошириш” тизимли равишда давом эттириш орқали касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ишларимизни давом эттирамиз.

Print Friendly, PDF & Email