Бухородаги клиник марказда Конституция байрами кенг нишонланди

Юртимиз халқ хўжалигининг барча соҳаларида мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги кенг нишонланмоқда. Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали жамоаси ҳам мазкур санани муносиб нишонламоқда. Бугун ташкил этилган тадбирда филиал директори Т.Мусоев барчани қутлуғ сана билан муборакбод этди.

Вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими Жаҳонгир Ашуров тадбирда иштирок этиб, республикамиз Конституцияси мазмун-моҳияти тўғрисида маъруза қилди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Бош Қомус 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат эканлиги, хар бир модда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлиги, дахлсиз меҳнат қилиши, барча қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қайд қилинган ҳақ-ҳуқуқлардан фойдаланишнинг муҳим кафолати эканлиги эътироф этилди.

Филиал ҳуқуқшуноси Ж.Қодиров мамлакат Конституциясининг инсонпарварлик тамойилларига асосланган принципларига тўхталиб, унда давлат суверинети, халқ ҳокимиятчилиги, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат каби жиҳатларга ҳам кенг ўрин берилганлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро зиммасидаги бурч ва мажбуриятларга қатъий риоя этиши, аввало қонунга сўзсиз итоат қилиши, тарихий меросни авайлаши, бошқаларнинг ҳақ–ҳуқуқи ва дахлсизлигини ҳурмат қилиши, атроф муҳитни асраши, солиқ тўлаши, ҳарбий хизматни ўташи ҳам қарз, ҳам фарздир. Озод ва обод ватанда яшар эканмиз фикрлаш, эътиқод, виждон ва сўз эркинлиги, турар жой дахлсизлиги, эркин касб танлаш, дам олиш, билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқларига эга эканлигимиз беқиёс аҳамиятга эга, албатта.

Тадбир сўнгида тиббиёт муассасаси ходимлари ўртасида ташкиллаштирилган спорт мусобақалари якунлари эълон қилинди. Спортнинг аёллар ўртасида волейбол ва эркаклар ўртасида мини футбол баҳсларида ғолиб бўлган жамоалар ҳамда жамоа аъзолари соврин ва филиал касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Print Friendly, PDF & Email