Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар Кенгаши раиси Г.Тохтаева ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари О.Қозихоновалар томонидан вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб ва хавфсиз иш жойлари яратилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назорати мунтазам равишда олиб бориш каби йўналишлардаги ишлар аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, иқтисодиётнинг норасмий секторида ишлаётган хотин-қизлар учун иш жойларида иш вақти режасига риоя қилинишини таъминлаш, аёллар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормалари меъёрига амал қилишни назорат қилиш ва кучайтириш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришдаги меҳнат шароитлари ҳолати бўйича иш берувчи олдига кўплаб талаблар қўйиш, Жамоа шартномаларида аёллар учун кўзда тутилган имтиёзларнинг бажарилишини ҳам доимий равишда таҳлил этиб бориш бўйича сўз юритилди.
Корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган Хотин-қизлар комиссияларида ишлаётган аёллар ўртасида оилани асраш, фарзанд тарбияси, ажримларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда нотинч оилалар билан ишлаш вазифалари ҳам кун тартибида эканлиги қайд этилиб, бу бўйича ҳам ишларни жонлантириш кераклиги айтиб ўтилди.