Ҳамшираларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ҳодимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Наманган вилояти бўйича Меҳнат ҳуқуқ инспектори А.Н.Реджапов томонидан Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси Марказий поликлиникаси лаборантлари Абдуллаева Муножат Файзулло қизи ва Сатимова Маърифат Исмоил қизига иш берувчиси томонидан иш ҳақларига қўшимча махсус тўловлар тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 ишонч телефони”га йўллаган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Кўп тармоқли марказий шаҳар поликлиникасида қошида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 583-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида коронавирус инфекциясини аниқлаш ПЗР(Полимер занжирли реакция) лабораторияси ташкил этилган. Ушбу лабораторияга 6 нафар мутахассис ҳодимлар жалб этилган, жумладан, мурожаат муаллифлари ҳам.

М.Ф.Абдуллаева иш берувчининг буйруғи асосида 2020 йил октябрь-ноябрь ойиларида ПЗР лабораториясига ҳамшира-лаборант вазифасига жалб этилган.

М.И.Саматова иш берувчининг буйруғи асосида 2020 йил октябрь ойида ПЗР лабораториясига ҳамшира-лаборант вазифасига жалб этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги
583-сонли Қарорнинг 1-иловасида “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш объектларида ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ходимларга махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби тўғрисида” Низом қабул қилинган бўлиб, Низомнинг
4-бандида “Ходимларга иш ҳажмидан келиб чиқиб, кунбай ишлаш шароитига ўтказилган ҳолда ҳар 30 кунлик давр учун иш юкламасини инобатга олган ҳолда ҳар ойлик иш фаолияти якуни бўйича қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус тўлов белгиланади:

врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;

бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;

провизор-фармацевт ходимларга — 10 миллион сўм;

дезинфектор ва кичик тиббиёт ходимларига — 8 миллион сўм;

бошқа ходимларга — 5 миллион сўм— деб белгилаб қўйилган.

Аммо, ҳодимларнинг ҳақиқатда ишлаган вақтлари ва бажарга иш хажмлари учун иш берувчи томонидан махсус тўловлар тўлаб берилмаган.

Ўрганиш жараёнида иш берувчи томонидан махсус тўловларни тўлаб бериш учун қўшимча маблағ ажратишни сўраб юборган хатига Наманган шаҳар ҳокимлигининг Молия бўлими томонидан 2020 йил 18 декабрдаги №01-20-401/14-01-32-985-сонли жавоб хати орқали рад жавоби берилган.

Меҳнат кодексининг 82-модда 6-қисмида Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади-деб белгилаб қўйилган.

Меҳнат кодексининг 154-моддасида Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт”-эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги ҳолат низоли бўлганлиги сабабли Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Марказий поликлиникаси лаборанти Абдуллаева Муножот Файзулло қизини 2020 йил октябрь-ноябрь ойларида коронавирус инфекциясини аниқлаш ПЗР(Полимер занжирли реакция) лабораториясида ҳамшира-лаборант вазифасида ишлаган даври учун 30 000 000(ўттиз миллион) сўм миқдорида, клиник лаборатория лаборанти Сатимова Маърифат Исмоил қизини 2020 йил октябрь ойида коронавирус инфекциясини аниқлаш ПЗР(Полимер занжирли реакция) лабораториясида ҳамшира-лаборант вазифасида ишлаган даври учун 15 000 000(ўн беш миллион) сўм миқдорида махсус тўлов ундириш тўғрисида суд қарори чиқарилишига эришилди.

Print Friendly, PDF & Email