ФАРҒОНАДА АЁЛЛАР СПОРТ ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ўртасида тузилган қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фарғонада аёллар спорт фестивали ўтказилди.

Фестивалда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлари тиббиёт бирлашмаларида ишлайдиган спортга иштиёқи баланд аёллардан иборат жамоалар иштирок этишди.

Фестивал иштирокчилари спортнинг бадминтон, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, дартс, гимнастрада турлари бўйича ўзаро куч синашдилар. Беллашувлар 25 ёшдан 35 ёшгача ҳамда 35 ёшдан катталар иштирокида алоҳида-алоҳида ташкил этилди.

Қизғин ва муросасиз бахслар давомида тиббиёт ходималари нафақат ўз соҳаларида, балки спортда ҳам фаол эканликларини амалда исботлашди.

Масалан, гимнастрада бўйича ўтказилган мусобақалар жуда қизиқарли кечди ва томошабинларнинг давомли олқишларига сазовор бўлди. Ушбу баҳсларда эса “Ўзбекистон” туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси қизлари ўзларининг гўзал ҳатти-ҳаракатларини мусиқага уйғун ҳолда, мохирона ижро этиб, энг юқори баллни қўлга киритишди. Қувасой шаҳри ва Риштон тумани қизлари эса 2- ва 3-ўринларга сазовор бўлдилар.

Қолган спорт турларидан ҳам беллашувлар кўтаринки руҳда ўтказилиб, малакали ҳакамлар томонидан энг юқори кўрсаткичлар аниқлаб олинди.

Фестивал якунида спорт турлари ва номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилиниб, уларнинг барчаси тантанали тарзда тақдирланди. Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимлиги котибият мудири Л.Эшонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Абдураззоқов, бошқарма кадрлар бўлими бошлиғи О.Зокиров, вилоят соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси раиси Ш.Каримовалар қатнашдилар.

Энг юқори натижа кўрсатган жамоа ва иштирокчиларга вилоят ҳокимлигининг махсус дипломи ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, фестивалда фаол иштирок этиб, ёшларга ўрнак бўлган 50 ёшдан ошган аёллар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

 

Шаҳноза МАЪМУРОВА,

Абдувосит СИДИҚОВ,

Суратларда: фестивал жараёнидан лавҳалар акс этган.

Print Friendly, PDF & Email