Тошкент тиббиёт Академияси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида 14 январь — Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллигига бағишланган байрам тадбири ноанъанавийлик касб этди. Икки нуфузли олийгоҳ, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда санъат ва маданият институти талаба ёшларининг биргаликдаги маънавий тадбири орқали жамиятимизда содир бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар миллий армиямизнинг бугунги тимсолида акс этаётганлигига алоҳида урғу берилди.
Ватанпарвар ёшлар ташаббуси, хотин-қизлар фаоллиги, нуронийлар ибрати сингари таълим-тарбия мезонларининг кенг жамоатчилик ҳаётига ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик бағишлаётган олийжаноб ғоя – “Армия ва халқ – бир тану бир жон!”, мазмунидаги табрик ва қутловлар тадбир моҳияти ва мақсадини белгилаб берди.
Тошкент Тиббиёт Академиясининг ўқув ишлари бўйича проректори Шухрат Боймуродов ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти проректори Элдор Шермоновлар табригида Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган мазкур тадбир орқали бирдамлик ва ҳамжиҳатликнинг тенгсиз тантанаси, ватанга садокатнинг энг олий неъмат эканлиги яна бир бор эътироф этилди. Зеро, Ватан ҳимояси нафақат вазифамиз, балки барчамизнинг муқаддас ва шарафли бурчимиз ҳамдир.
Тошкент тиббиёт академияси ҳарбий факультет курсантлари, бўлажак ҳарбий шифокорлар Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабалари томонидан ижро этилган бадиий-мусиқий чиқишлар, байрам табриги сифатида тақдим этилган куй-қўшиқ, дилбар рақс ва театрлаштирилган саҳна асарларини мароқ билан томоша қилдилар.
Ҳарбий факультет талаба ёшлари бўлажак ҳарбий шифокорларни санъаткор ёшлар самимий табрикларида она Ватан мадҳи тараннум этилди, юрт соғинчи, эл тинчлиги йўлида жонини фидо этган юрдошларимизнинг чексиз матонати куйга солинди. Ота-боболаримиздан мерос жасорат улуғланди. Сўзга чиққанлар келажакда ҳарбий шифокор касбини эгаллаб, сарҳадларимиз хавфсизлигини ҳимоя қилишдек шарафли йўлни танлаган ёшлар, аскар ва зобитлар, ҳарбийлар, миллий армиямиз посбонларига эзгу тилаклар билдирдилар. Тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Тошкент тиббиёт академияси томонидан Академиянинг ҳарбий кафедрасида фаолият олиб бораётган ва жамоат ишларида фаол бўлган бир гуруҳ фидойи профессор-ўқитувчилар ва ўқишда ютуқларга эришиб келаётган иқтидорли талабаларга эсдалик совғалари топширилди.
Тошкент тиббиёт академияси ҳарбий факультети курсанти Эрали ижросида Ҳамид Олимжон қаламига мансуб “Жангчи Турсун” балладаси янграганида зални гулдурос қарсаклар тутди.
Айниқса, байрам тадбирининг энг кичик иштирокчиси М.Улуғбек туманидаги 186-умумтаълим ўрта мактабнинг 3-синф ўқувчиси томонидан ижро этилган “Мендирман ўша” қўшиғи Тошкент тиббиёт академияси курсантлари ва томошабинлар томонидан олқишлар билан қарши олинди.