Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва «Соғлом авлод учун» Халқаро хайрия фонди ўртасида меморандум имзоланди.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарход Ханапияев, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси Светлана Инамова ҳамда бошқа масъуллар иштирок этган ушбу тадбирда ўзаро ҳамкорлик ҳақида келишиб олинди.

Тадбирда ушбу ҳамкорлик республикада соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу жараёнда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ишончли ҳимоялаш бўйича тармоқ касаба уюшма ташкилотлари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, шунингдек, соҳадаги мавжуд муаммолар ечимини кенг ёритишда муҳим омил бўлиши айтиб ўтилди. Аҳоли, биринчи галда соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилинишини тарғиб қилиш, бу йўналишда биргаликда тадбирлар ташкил этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида юртдошларимизнинг меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий ҳамда меҳнат қонунчилиги масалаларига оид саволларига касаба уюшма мутахассислари атрофлича жавоб ва зарурий маслаҳатлар бериб боради. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг ижтимоий шериклари билан тузилган Тармоқ келишувлари доирасида тасарруфдаги корхона ва муассасаларда ишловчи ходимларнинг меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, ижтимоий-иқтисодий, маънавий, интеллектуал ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, ижтимоий шериклик, маданий-оммавий ҳамда спорт соғломлаштириш ишлари кенг ёритилади.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича билдирилган бир қатор таклифлар ҳам маъқулланди.

Print Friendly, PDF & Email