Бухоро: Халқаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Жорий йилнинг 20 март куни Ўзбекистон Cоғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилояти кенгаши ва Белоруссия Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Витебск вилояти қўмитаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ҳамкорлик шартномаси 13 та моддани ўз ичига олган бўлиб, касаба уюшмалари томонидан тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни ривожлантириш, Бухоро ва Витебск вилоятлари тиббиёт ходимлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳар икки томон тиббиёт ходимлари касаба уюшмаларининг ҳудудий, бошланғич ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар кўзда тутилган.

Шартнома имзолаш жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти кенгаши раиси М.Олимов сўзга чиқиб, меҳмонларга Бухоро вилояти ҳамда касаба уюшмасида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилояти кенгаши раиси И.Ҳодиев сўзга чиқиб, Бухоро вилоятидаги тиббиёт ходимлари ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳамда жамоа шартномаларига киритилинган имтиёзлар юзасидан ахборот берди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Бухоро вилояти бўйича меҳнат техник ва меҳнат ҳуқуқ инспекторлари И.Бердиев ҳамда Х.Чориевлар сўзга чиқиб, ишчи ходимлар малакасини ошириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар беришди.

Шундан сўнг, Белоруссия Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Витебск вилояти қўмитаси раиси В.Плыткевич Витебск вилоятида тиббиёт ходимлари манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Томонларнинг ўзаро келишувига асосан ушбу шартноманинг ажралмас қисми бўлган алоҳида баённомаларни расмийлаштириш йўли билан тўлдирилишига эришилиши белгилаб олинди.

Тадбирда иштирок этган Бухоро вилояти кенгаши таркибидаги бошланғич ташкилотлар раислари билан савол-жавоб, суҳбатлар ўтказилди. Шу тариқа Халқаро ҳамкорлик шартномаси имзолаш маросими ўз ниҳоясига етди.

Сўнгра, меҳмонлар Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро вилоят филиалига ташриф буюриб, марказ фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ташрифнинг 2-кунида меҳмонлар Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро Давлат тиббиёт институти ҳамда Бухоро вилоятининг тарихий ва диққатга сазовор жойларига ташриф буюришди.

Print Friendly, PDF & Email