Нукус шаҳридаги Савицкий номидаги музейга саёҳат

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний, Амударё ва Муйноқ туман тиббиёт бирлашмалари касаба уюшма қўмиталари томонидан 100 нафар ходимнинг Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейига саёҳати ташкил этилди. 

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейининг коллекцияси 90 000 дан ортиқ экспонатдан иборат бўлиб, у ўз ичига рус авангарди, Ўзбекистон амалий санъати, Қорақалпоғистон халқ амалий санъати, қадимги Хоразм санъати тўпламларини ўз ичига олади. Мутахассислар ва дунёдаги матбуот хизмати берган баҳосига кўра И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи бадиий санъат тўплами бўйича Осиё ҳудудидаги энг яхши музей ҳисобланади, рус авангард санъати жамланмаси ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда туради.

  

Музей 50-йилларда Нукусга келган ҳамда 1966 йилда Нукус музейининг директори қилиб тайинланган москвалик рассом Игорь Витальевич Савицкий номи билан аталади. И. В. Савицкий музей раҳбари лавозимига тайинлангачгина санъат асарларини тўплаш имконига эга бўлган. Дастлаб қорақалпоқ халқининг этнографиясини ўрганиш ва археологик тадқиқотларга бағишлаган Савицкий кейинчалик мавжуд сиёсий тузум томонидан таъқиқланган замонавий санъат асарларига қизиқиб қолади. У кейинчалик авангардчилар деб аталган таъқиқланган санъат усталарининг асарларини тўплаган. Натижада эса музей тўпламида совет тасвирий санъати давридаги авангард ва пост-авангардга оид 50.000 асар йиғилган.

Айни пайтда музей қурилиши 2016 йилда якунланган замонавий, юқори технологик жиҳозлар билан ёритилган бино мажмуасида жойлашган.

«Саҳродаги Лувр» номини олган И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи ўзининг бебаҳо дурдона экспонатлари билан дунё санъат ихлосмандлари эътиборини қозонган. Музейда графика, ҳайкалтарошлик, тасвирий ва амалий санъат намуналари, турли археологик топилмалар, этнография буюмлари, қадимий суратлар, тарихий ҳужжатлар сингари юз мингга яқин нодир экспонат жой олган.

Шундай буюк меросни йиғиб қолдирган олим 2002 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

Ўлканинг бой тарихий ва маданий ёдгорликлари ҳақидаги маълумотларни ўзида мужассам этган мазкур санъат музейида қорақалпоқ элининг миллий безаклари, халқ амалий санъати намуналари, каштачилик буюмлари, миллий либослари бутун дунё сайёҳларининг эътиборини тортмоқда.

Print Friendly, PDF & Email