Хоразм вилоятида “Тиббиёт ходимлари куни”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда  “Тиббиёт ходимлари куни” касб байрамини юқори савияда ўтказиш бўйича жорий йилнинг 12 ноябрь куни Урганч шаҳрида байрам тадбири ташкил этилди.

Тантанали байрам тадбирини очган вилоят ҳокими Ж.Рахимов тадбир иштирокчиларини мамлакат Президентининг тиббиёт ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва вилоятда ҳам тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, тиббий хизматлар тармоғини кенгайтириш, сифатини ошириш чоралари кўрилаётганлиги,  қўшимча равишда 2 та оилавий поликлиника, 4 та оилавий шифокорлик пункти ва 110 та маҳалла тиббиёт пунктларининг ташкил қилиниши минглаб аҳолига бирламчи тиббий хизматни яқинлаштирганлигини, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таъмирлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилаётганлиги ҳамда электрон поликлиника тизими босқичма-босқич жорий қилинаётганлигини таъкидлади.

Тиббиёт ходимлари ҳамиша жамиятимизнинг етакчи кучи ҳисобланади.  Боиси, инсон ҳаётини сақлаб қолиш, умрини узайтириш, соғлом ва бахтли турмуш кечиришига кўмаклашишдай шарафли вазифани зиммасига олишган.

Бу шарафли вазифани бажаришда барча тиббиёт ходимларига соғлик саломатлик ва омад тиладилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча эълон қилинган тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига кўра тақдирланган соҳа вакилларига II даражали «Саломатлик» ордени билан «Шухрат» медали давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, байрам тадбирида кўп йиллик самарали хизмат билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ҳамкасбларига алоҳида ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбахо совғаларини топширдилар.

Байрам тадбирида 30 нафар тиббиёт ходимларига “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонлари ҳамда 20 нафар тиббиёт ходимига Ўзбекистон соғлиқни сақлаш Вазирлигининг фахрий ёрлиқлари шунингдек Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг қимматбахо совғалари топширилди.

Тадбирга таклиф этилган самарали меҳнат фаолияти билан эл юрт орасида ҳурмат қозонган 60 нафар тиббиёт ходимларига Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Хоразм вилояти Кенгаши томонидан тайёрланган эсдалик совғалар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Шунингдек, 3 нафар тиббиёт ходимларига вилоят кенгаши томонидан “Умид Гулшани” ҳамда “Кохинур” санаторийларига бепул йўлланмалар ҳам топширилди.

Шу билан бирга, йил давомида касаба уюшмалари билан ижтимоий ҳамкорликни яхши йўлга қўйган энг яхши 8 нафар тиббиёт муассасалари иш берувчилари вилоят кенгашининг “Ташаккурнома”си ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Print Friendly, PDF & Email