Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида “Касаба уюшмалари куни” ҳамда “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тиббиёт ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Ўз чиқишида вилоят ҳокими вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳакида,  соҳа ишини такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўлами ортиб бораётганлигини таъкидлади.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча эълон қилинган “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, тақдирланган соҳа вакилларига давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Байрам тадбирида кўп йиллик самарали хизмати билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ҳамкасбларига алоҳида ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ тиббиётчиларга вилоят ҳокимининг фаҳрий ёрлиқлари, “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонлари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалари, Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали суратда тоширилди.

Print Friendly, PDF & Email