Ҳар бир аъзо эътиборда

Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва меҳнатига яраша рағбатлантириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда.

2020 йил 17 ноябрь куни Чирчиқ шаҳрида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши, жамоатчилик фаоллари, депутатлар иштирокида соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, хусусан, тез тиббий ёрдам ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни тармоқ кенгаши раиси Фарход Рахманович Ханапияев олиб борди.

Давра суҳбатида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди. Жумладан,  тез тиббий ёрдам ходимларига тўланиши керак бўлган устама пули, санитаркалар етишмаслиги, моддий ёрдамга муҳтож ходимлар, иш вақти борасидаги саволлар ўртага ташланди.

Республика Кенгаши раиси ташаббуси билан тегишли идоралар ҳамкорлигида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида махсус комиссия ташкил этилиб, аниқланган масалалар ечимини топишда аъзоларга ҳуқуқий кўмак берилиши режалаштирилди.

Print Friendly, PDF & Email