Ўзбекистон шифокорлар футбол ассоциацияси кубогига старт берилди

2018 йилнинг 5 сентябр куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мажлислар залида Тошкент шаҳридаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган шифокорлар ўртасида жорий йилнинг 8-9 ва 15-16 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Ўзбекистон шифокорлар футбол ассоциацияси кубоги”нинг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

 

Тадбир бошида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси, турнирнинг ташкилий қўмита раиси Ф.Ханапияев сўзга чиқиб, Республикамиздаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шифокорлар ўртасида миллионлар ўйини бўлган футболни оммалаштириш, Республикамиз шифокорлар терма жамоаси таркибига янги иқтидорли футбол ўйинчиларини танлаб олиш, жалб этиш ва терма жамоа таркибини қайтадан шакллантириш, 2018 йилнинг 4-чорагида Тошкентда Хамдўстлик давлатлари, Европа ва Осиё давлатлари шифокорлари жамоалари ўртасида футбол бўйича “Ҳамдўстлик кубоги” турнири хамда 2019 йили Мексиканинг Канкун шаҳрида ўтказиладиган шифокорлар жамоалари ўртасида ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон Чемпионатида Ўзбекистон шифокорлари терма жамоасининг муваффаққиятли иштирокини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан мазкур мусобақани юқори савияда ва адолатли ва шаффоф ўтказиш бўйича қўшма қарор имзолангани, келгусида бу каби мусобақаларни анъанавий тарзда ўтказилиши режалаштирилаётганлиги ҳақида сўз юритди.

 

 

Шундан сўнг турирнинг бош ҳаками ва назорат-интизом қўмитаси раҳбари Д.Акмалов ҳамда Ўзбекистон шифокорлари терма жамоаси тренери, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий А.Мусаев сўзга чиқиб, футболчиларни тарбиялаш борасида ўзининг тажрибаси ҳамда ўзининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

 

«LANCE-A-LOT» Ўзбекистон шифокорлари футбол жамоаси (UMFT) сардори, турнир координатори, турнир котиби, НИҚ вакили. Ф.Умаров аввалги йилларда ўтказилган шифокорлар ўртасидаги футбол бўйича Жахон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг иштирокини ўзида акс эттирган презентация билан чиқиш қилиб, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳамда келгусида уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми – қуръа ташлаш маросими бошланди ва ҳар бир жамоанинг вакили бирма-бир беркитилган рақамларини очиб, жамоасининг гуруҳлардаги ўрнини аниқлаб олди.

Турнирнинг Тошкент шаҳар босқичида жами 15 та жамоа 3 гуруҳга бўлинган ҳолда ҳар бир гуруҳда 5 тадан жамоа ўзаро беллашадиган бўлди. Шу тарзда барча маълумотлар футбол тақвимидан жой олди ва ҳар бир жамоа вакилига мазкур тақвимнинг нусхаси тақдим этилди.

Мазкур футбол турнири Тошкент шаҳрида жойлашган “Яккасарой спорт мажмуаси” га қарашли футбол майдонларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Print Friendly, PDF & Email