Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асоси

Андижон давлат тиббиёт институтида 2022-2024 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилишига бағишланган меҳнат жамоасининг конференция йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда институт ректори в.в.б., ўқув ишлари бўйича проректор Б.Р.Абдуллажонов ва касаба уюшма қўмитаси раиси А.Х.Абдурахмоновлар жамоа шартномаси асосида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида меҳнат жамоаси олдида ҳисобот бердилар.
Шунингдек, йиғилишда институт маъмурияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2022-2024 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши юзасидан текшириш гуруҳи далолатномаси тасдиқланди.
2023 йил учун ишлаб чиқилган жамоа шартномасининг тавсиявий макети асосида амалдаги жамоа шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Йиғилишда 2022 йил давомида институтнинг иқтисодий фаолияти, меҳнат шарномаси, бандлик кафолатлари, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш, кафолатли тўловлар ва компенсация тарзидаги тўловлар, ходимларга яратилган шарт-шароитлар, спорт-соғломлаштириш ва маънавий-маърифий йўналишлардаги ишлар, аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар, мехнат низоларини хал этиш йўналишларида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги хисоботлар эшитилди.
Таъкидланганидек, жамоа шартномасига киритиш орқали қўшимча таътил кунлари учун жами 4 млрд. 744 млн. 385 минг сўм, қўшимча ҳақ тўлаб берилди. Институтда ташкил этилган “Моддий рағбатлантириш жамғармаси”дан эса ходимлар учун жами 13 млрд. 353 млн. 936 минг сўм маблағ сарфланган. Шундан, ходимларнинг моддий ёрдам сўраб ёзган аризаларига мувофиқ жами 48 млн. 400 минг сўм, соҳани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва эришган ютуқлари учун профессор-ўқитувчи ва ходимларни моддий рағбатлантириш учун 2 млрд. 456 млн. 330 минг сўм, пенсия ёшидаги юбилярларга жами 27 млн. 300 минг сўм, байрам кунлари муносабати билан ходимларни рағбатлантиришга 5 млрд. 842 млн. 100 минг сўм миқдорида маблағ йўналтирилган.
Йиғилиш иштирокчилари 2022-2024 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши бўйича институт раҳбарияти ва бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга оширилган ишларга қониқарли баҳо бердилар. Йиғилиш сўнгида муассасанинг жамоа шартномасига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича батафсил тушунтиришлар ҳам берилди.
 
Print Friendly, PDF & Email