«Ҳамшира-2018» Республика кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хамда “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 2018 йил 13 май куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг катта мажлислар залида «Хамшира-2018» кўрик-танловининг Республика босқичи муваффақиятли ўтказилди. Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳамширалар турли йўналишларда беллашдилар.

 

 

Танлов низомига кўра, ғолибларни аниқлашда номзодларнинг билим даражалари, касбий малакаси, беморларга кўрсатаётган тиббий ёрдам сифати, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлиги ва тиббий маданиятини ошириш бўйича олиб бораётган ишларининг ёритилиши  асосий аҳамият касб этади.

 

Танловнинг Республика босқичида иштирокчилар учта та шарт бўйича, яъни биринчи шарт – тиббиёт соҳасига доир амалий билимлар кўриги, иккинчи шарт – тиббиёт соҳасига доир назарий билимлар бўйича беллашув ҳамда учинчи шарт – тиббий ва ижтимоий-сиёсий билимларга доир саволларга тезкор жавоблар бериш орқали беллашдилар. Иштирокчиларнинг ҳар бир чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан одилона баҳоланиб борилди.

Танловда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиали Марказий қабулхона бўлими ҳамшираси  Дилноза Холиқова биринчи ўрин совриндори бўлди. У ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Зомин туман тиббиёт бирлашмаси Юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Ҳолида Юсупова иккинчи, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилоят филиали Қабул диагностика бўлими ҳамшираси Марҳабо Абдукаримова учинчи ўринга сазовор бўлди. Уларга ҳам танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

 

Print Friendly, PDF & Email