Ҳамширалар-халқимиз жонкуярлари

Малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳар бир инсоннинг кафолатланган ҳуқуқидир. Бош Қомусимиз билан мустаҳкамлаб қўйилган мазкур ҳуқуқий нормани ҳаётга тадбиқ этиш, халқимизнинг тиббий хизматдан розилигини таъминлаш, ҳаётий эҳтиёжларини қондириш мақсадида бирламчи, ихтисослашган, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш устувор вазифа этиб белгилангани зиммамиздаги бурч ва масъулият нақадар катта эканлигини кўрсатади.

Шубҳасиз, кейинги уч йилнинг ўзида бу борада ҳуқуқий, ташкилий, илмий-амалий жиҳатдан салмоқли ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишга йўналтирилган фармон ва қарорлари қабул қилиниб, жадаллик билан олиб борилаётган ушбу тиббий-ижтимоий тадбирлар жараёнида соҳанинг ҳар бир бўғини, жумладан, ҳамширалик ишини такомиллаштиришга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бугун замонавий ҳамшира ҳақида сўз кетар экан, тиббиётнинг турли соҳаларида кунни тунга улаб ишлаётган фидойи, билимдон, моҳир, чаққон, эпчил, зукко, ўрта тиббиёт ходимларининг қиёфаси кўз ўнгимизда жонланади. Вилоятимизда 28 мингдан зиёд шундай ўрта бўғин мутахассислар эл соғлиғини асраш йўлида шифокорлар билан бир сафда иш олиб боряптилар. Вилоятимиз аҳли орасидан уларнинг беминнат хизматига иши тушмаган одамни топиш мушкул бўлса керак. Зеро, ҳамширалар ҳамиша тиббиётнинг энг олдинги бўғинларида иш олиб борувчи мутахассислардир. Тиббий-илмий марказлардан тортиб қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларигача бўлган бўғинда тиббий маслаҳат ёки кўмак сўраб келган инсонга, энг аввало, улар пешвоз чиқади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳамшираларнинг малакаси, муомала маданияти тиббий хизматнинг ҳолати ҳақида дастлабки тасаввурни шакллантиради. Табиийки, шифохонадаги илк таассурот инсоннинг тиббиёт муассасасига ишончи ва эътиборини кучайтиришгина эмас, унинг соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашнинг ҳам муҳим омилидир.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани аҳолига ҳамширалик ёрдамини сифатли кўрсатиш, бу йўналишда жаҳон тиббиётининг энг илғор услубларини амалиётга жорий этишда муҳим омил бўлмоқда.

 

Қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оила поликлиникалари, айниқса, ҳамширалик хизмати, аҳолига патронаж хизматини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва бирламчи профилактика ишлари, шунингдек, аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида “Саломатлик мактаблари” ташкил этилиб, уларда ҳам ҳамшираларимиз фаол ишлаб келмоқдалар.
Ҳар бир ҳамшира тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга хам ўзини дахлдор деб ҳисоблаб, унга ҳалол ва самарали меҳнатлари билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқдалар.
Халқимизнинг тиббиёт тизимига, жумладан, ҳамширалар хизматига ишончи кучайди, оилада, жамиятда тиббий дунёқараши юксалди. Бу натижалар тиббиёт тараққиёти, инсон саломатлиги, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ҳурматли ҳамширалар, сизларни 12 май-Халқаро ҳамширалар куни касб байрами муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Энг савобли, машаққатли ҳамда шарафли бўлган касбингиздан барака топинг, фарзанд ва набираларингиз бахту-иқболини узоқ йиллар кўриб юриш насиб этсин, сиз доимо соғ ва омон бўлинг, азиз ҳамширалар! Байрамингиз муборак бўлсин!

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари
касаба уюшмасининг Наманган вилояти Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email