Хоразм вилоятида ҳамширалар куни нишонланди

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят кенгаши томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда 12 май-халқаро Ҳамширалар куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил қилинди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Содиқов, соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Рашид Йўлдошев ва бошқалар бугунги кунда тиббиёт соҳасини ҳамширалар фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтдилар. Айниқса, пандемия шароитида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактик тадбирларни кучайтиришда ҳамшираларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган тиббий ёрдамга муҳтож юртдошларимиз саломатлигини тиклашда, ҳаёт сифатини яхшилашда ўрта тиббиёт ходимлари фаол иштирок этмоқда. Вилоят бўйлаб ўтказилган антропометрия ва тиббий хатлов тадбирларида ҳам ҳамшираларнинг хизмати бениҳоя бўлди.
Бугунги кунда Хоразм вилоятидаги тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган 15 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимларининг ҳар бирининг хизматлари эътирофга сазовордир.

Тадбир давомида “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” кўрик-танлови республика ва вилоят босқичи ғолибларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.
13 та номинация бўйича ўтказилган танлов натижаларига кўра, “Йилнинг энг яхши операция хонаси (блоки) ҳамшираси” номинацияси бўйича РШТЁИМ Хоразм филиали операция блоки ҳамшираси Назокат Алламова республикада биринчи, “Йилнинг энг яхши тиббий-ижтимоий муассаса ҳамшираси” номинацияси бўйича Хоразм вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш муассасаси ҳамшираси Шарофат Отажонова учинчи ўринни эгалладилар.
Шунингдек, бир гуруҳ ўз касбининг моҳир усталари бўлган ўрта тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлимининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.



Рашид ЙЎЛДОШЕВ,

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси

Хоразм вилоят кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email