Фаолият сарҳисоби – янги режалар пойдевори

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ҳисобот даврида тиббий кўрик, шахсий ҳимоя воситалари, иш жойлари аттестацияси масалалари ҳамда мурожатлар бўйича жами 87 минг 401 нафар касаба уюшма аъзосининг меҳнат ҳуқуқларини тиклаган ва олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ходимлар фойдасига 18 миллиард 465 миллион  467 минг сўм маблағ ундириб берилган. Бу ҳақда Республика Кенгашининг навбатдаги Кенгаш йиғилишида алоҳида қайд этиб ўтилди.

Таъкидландики, ўтган йил давомида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш доирасида 876 марта муассасаларда ўрганиш ўтказилган ва 4944 та камчилик аниқланган. Шундан 1465  таси ҳуқуқий, 591 таси ижтимоий-иқтисодий, 312 таси тиббий кўрик, 265 таси ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, 2279 таси бошқаларга оид бўлиб, аниқланган камчиликлар бўйича 86 минг 428 нафар ходим манфаати йўлида иш берувчиларга 657 та кўрсатма киритилган ва 500 тасининг (қолган кўрсатмаларнинг ижро муддати мавжуд ва ижро муддати ўтган ёки рад этилган кўрсатмалар бўйича судларга даъво аризалари киритилган) ижроси таъминланган.

– Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади, – деди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев. – Ўтган йилларда тармоқда ходимларнинг меҳнатга оид, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитлари яратилиши бўйича иш ҳажмининг ортганлиги сабабли Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бўйича меҳнат ҳуқуқ ва меҳнат техник инспекторлари лавозимлари жорий этилиб, Республика кенгашида ҳудудий меҳнат ҳуқуқ ва техник инспекцияси фаолияти йўлга қўйилди. Айни вақтда ушбу йўналишда 44 нафар ходим меҳнат қилмоқда.

Ҳисобот даврида меҳнат инспекторлари томонидан ҳисобот даврида 1154 та мурожаат кўриб чиқилган 213 тасини ўрганиш жараёнида аниқланган ҳолатлар бўйича 11 075 нафар ходим манфаати йўлида 213 та иш берувчига кўрсатма киритилган. Киритилган кўрсатмалар бўйича 10 728 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланган ва ходимлар манфаатига 8 миллиард 893 миллион 731 минг сўм маблағ ундириб берилган.

Шунингдек, ижроси рад этилган ва ижро муддати ўтган 98 та кўрсатма бўйича фуқаролик ишлари бўйича судларга 98 та даъво аризаси киритилиб, натижада 2847 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига иш берувчи томонидан 3 миллиард 35 миллион 612 минг сўм ундириб берилди.

Мазкур йўналишдаги ишлар статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, Республика кенгашининг меҳнат ҳуқуқ инспекторлари 2021 йилда жами 87 401 нафар ходимга иш берувчилардан 18 миллиард 465 миллион  467минг сўм маблағ ундириб берилган.

Бундан ташқари тармоқда ҳар бир касаба уюшма аъзоси томонидан 2021 йилда ўртача 209 минг сўмдан аъолик бадали тўлаган бўлса Тармоқ келишувлари ва жамоа шартномаларига киритилган қўшимча имтиёз ва кафолатлар орқали ҳар бир ходимга ўртача сарфланган маблағ 2021 йилда 7 миллион 205 минг сўмни ташкил этди. Бу эса ўз навбатида ҳар бир тармоқ касаба уюшма аъзосига улар томонидан тўланган аъзолик бадалига нисбатан 34 баравар кўпроқ наф келтирганлигидан далолат беради.

Табиийки, меҳнат муҳофазасига риоя этилмаган корхона-ташкилот ёки муассасада иш унумдорлиги кутилганидек бўлмайди. Шуни инобатга олган ҳолда 184 та ташкилотда ўқув-семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Йил давомида тармоқдаги муассасаларда ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларини олдини олишга қаратилган жами 25 минг 270та тадбир режалаштирилиб, амалда 21 минг 371 таси  (84,6 %) бажарилишига эришилган.

Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият хаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ташкил этилган ишчи гуруҳи “Аёллар дафтари”нинг иккинчи босқичида Наманган вилоятидаги хотин-қизлар турмуш шароитини ўрганди. Натижада рўйхатга киритилган 35 275 нафар аёлдан 34 911 нафарининг муаммоси тегишлиги бўйича ижобий ҳал этилди.

Йиғилишда шунингдек, тармоқ муассасаларида йил давомида 30 та бахтсиз ходиса рўй берганлиги тилга олиб ўтилди. Жумладан, Наманган вилоятида 6 та, Тошкент шаҳрида 4 та, Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилотларида 3 тадан, Бухоро, Жиззах, Фарғона вилоятларида 2 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида эса 1 тадан бахтсиз ходисалар рўй берган. Ушбу кўнгилсизликлар оқибатида 44 нафар ходим жароҳатланган, шундан 10 нафари вафот этган.

Таҳлилий ва танқидий руҳда кечган йиғилиш якунида келгуси фаолиятда хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ташкил этилаётган иш ўринларида меҳнат шароитини тубдан ислоҳ қилиш ва бу бўйича чоралар кўриш, корхона ва муассасаларда муносиб меҳнат шароити яратилиши устидан назоратни кучайтириш каби вазифалар белгилаб олинди.

Print Friendly, PDF & Email